Ўзбекистон ва Корея камондан отиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон Камондан отиш федерацияси раиси, Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Д.Жўраев, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Камондан отиш федерацияси раиси биринчи ўринбосари М.Ғаниев, Корея Республикасининг камондан отиш бўйича етакчи мутахассислари билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда Корея Камондан отиш ассотсиацияси ижрочи директори Чхой Сон Хо (Choi Sung-ho), Жанубий Корея Камондан отиш ассотсиациясининг аёллар миллий терма жамоаси мураббийи Ким Мун Жун (Kim Mun-jun), Жанубий Кореянинг профессионал клуби бош мураббийи Чхой Вон Жон (Choi Won-jong) ҳамда Ўзбекистон Камондан отиш федерацияси мутахассислари иштирок этдилар.
Учрашувда икки давлат ўртасида камондан отиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ўқув йиғинлари ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, мураббийлар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Тошкент Олимпия шаҳарчасида кореялик экспертлар тавсияси асосида қурилаётган махсус камондан отиш майдони келгусида халқаро мусобақалар ўтказиладиган асосий аренга айланиши кутилмоқдаги ҳақида ҳам сўз юритилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтди, томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Ташриф доирасида Жанубий Кореялик мутахассислар Ўзбекистонлик мураббийлар учун “Спортчиларни техник ва тактик тайёрлаш” мавзусида (25-28 октябрь кунлари) уч кунлик семинар машғулотлари ўтказишди.
Тадбир якунида эса меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишишди.
Маълумот учун:
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик камончилар 10 дан ортиқ халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, салмоқли натижаларга эришдилар.
2023 йилда Ўзбекистон терма жамоаси илк бор уч йўналиш бўйича Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензияни қўлга киритди.
Фақатгина 2025 йилнинг ўзида спортчиларимиз 10 дан зиёд медални - шу жумладан 5 та олтин, 1 та кумуш ва бир нечта бронза медалларни қўлга киритиб, Осиё Кубоги, “Гран-при” ҳамда халқаро “Алпомиш ва Барчиной” мусобақаларида муваффақиятли иштирок этдилар.
Бу натижалар ўзбекистонлик камончиларнинг маҳорат даражаси ортиб бораётганини ва уларнинг бўлажак Олимпия ўйинларига фаол тайёргарлик кўраётганини яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон ва Корея камондан отиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда.