Ўзбекистон ва Индонезия дзюдо федерациялари ўртасида Меморандум имзоланди
Икки мамлакат дзюдо федерациялари ўзаро икки томон учун ҳам манфаатли кенг қамровдаги ҳамкорлик ришталарини боғлашди.
Меморандум имзолаш маросимида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳамда Индонезия Қуруқлик қўшинлари штаб бошлиғи (Chief of Staff of the Indonesian Army), генерал, мамлакат дзюдо федерацияси президенти Марули Симанджунтак иштирок этди.
Меморандум ўз ичига икки мамлакатнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалари қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш, мураббийлар ва ҳакамлар учун семинарлар ташкил этиш каби бир нечта йўналишларни олади.
Меморандумнинг имзоланиши спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиб, дзюдони янада ривожлантириш, Осиё ва жаҳон майдонларида ҳар икки мамлакатнинг мавқеини мустаҳкамлаш учун янги имконият эшикларини очади.