Ўзбекистон ва Франция дзюдо федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
"Paris Grand Slam 2026" турнири доирасида Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов ва Франция дзюдо федерацияси президенти Стефан Номи ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида томонлар ўзаро имзоланган меморандум доирасидаги икки давлат федерациялари муносабатларининг ҳозирги ҳолатига баҳо бериб, уни янада мустаҳкамлаш, халқаро рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни янада изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Қуйидаги йўналишлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди:
– француз моделининг синовдан ўтган амалиётларини ҳисобга олган ҳолда клуб инфратузилмаси ва бошқарув механизмларини ривожлантириш;
– Франция томонининг дастурий-методик ечимлари асосида умумий таълим тизимига дзюдо элементларини жорий этиш;
– Япония ва Америка Қўшма Штатлари мураббийлари қатор Франциядан малакали мутахассисларни Ўзбекистон ҳудудларидаги фаолиятга жалб қилиш;
– рақамли таълим платформаларидан фойдаланган ҳолда миллий тренер кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш;
– дзюдо қадриятларини оммалаштириш ва гуманитар-спорт алоқаларини кенгайтиришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга ошириш.
Учрашув сўнгида томонлар олий спорт ютуқлари ва оммавий дзюдони ривожлантиришнинг стратегик вазифаларини ўзида мужассам этган узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.