Ўзбекистон Универсиада қаҳрамонларини тантанали кутиб олди
Германияда бўлиб ўтган Рейн-Рур–2025 Бутунжаҳон ёзги Универсиадасида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Ватанга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимиз учун тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди. Унда Президентнинг спорт масалалари бўйича вакили Одил Абдурахмонов, Спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари раҳбарлари, Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида расмийлар ёш спортчиларимизни тарихий ютуқ билан табриклаб, уларга келгусида янада улкан муваффақиятлар тиладилар.
Маълумот учун, 16–27 июл кунлари ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза медали билан 113 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Бу — терма жамоамизнинг Универсиада тарихидаги энг яхши натижасидир.