Ўзбекистон триатлон бўйича миллий терма жамоаси энг муҳим халқаро стартларга тайёргарликни давом эттирмоқда
Ўзбекистон триатлон бўйича миллий терма жамоаси энг муҳим халқаро стартларга тайёргарликни давом эттирмоқда.
Айни пайтда спортчиларимиз денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган Хитойнинг Юйси шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. Ўрта тоғ шароитидаги машғулотлар чидамлиликка йўналтирилган спорт турлари вакиллари учун тайёргарликнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Кислород миқдори камайган шароитда олиб бориладиган машғулотлар организмнинг аэроб имкониятларини ривожлантириш, куч чидамлилигини ошириш, юқори юкламаларга мослашувни яхшилаш ҳамда узоқ муддатли физиологик ўзгаришларни шакллантиришга хизмат қилади.
Юйсисидаги ўқув-машғулот маркази мунтазам равишда дунёнинг турли мамлакатлари миллий терма жамоалари ва етакчи спортчиларини қабул қилади. Бу ерда енгил атлетикачилар, триатлончилар, сузувчилар ҳамда бошқа спорт турлари вакиллари, жумладан, энг йирик халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўраётган жамоалар машғулот олиб боради.
Хитойдаги ушбу йиғин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик босқичларидан бири ҳисобланади.
Спортчиларимизга самарали тайёргарлик, муваффақиятли мослашув ва бўлажак стартларда юқори натижалар тилаймиз!