Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Москвадаги Mini Masters турнирида 1 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритди
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Москвадаги Mini Masters турнирида 1 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритди
24–26-июль кунлари Россиянинг 🇷🇺 Москва шаҳридаги Maxima Stables от спорти мажмуасида от спортнинг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича Mini Masters турнирлар сериясининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, уч кун давомида 1 та олтин ва 3 та кумуш медални қўлга киритишди.
Хуршидбек Алимжонов Лавин лақабли оти билан 24-июль куни 120 см баландликдаги йўналишда 2-ўринни эгаллади.
25-июль куни 125 см баландликдаги йўналишда ҳам Лавин лақабли оти билан муваффақиятли иштирок этиб, яна 2-ўринни қўлга киритди.
26-июль куни мусобақанинг учинчи кунида 130 см баландликдаги йўналишда Лавин лақабли оти билан ажойиб натижа қайд этиб, 1-ўринни эгаллади.
Шунингдек, 26-июль куни Ғайрат Назаров California лақабли оти билан 110 см баландликдаги йўналишда муваффақиятли иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон спортчиларининг ушбу натижалари чавандозларимизнинг халқаро майдондаги юксак салоҳияти ҳамда маҳорати изчил ошиб бораётганини яна бир бор намоён этди.