Ўзбекистон таэквандо миллий жамоаси Париждаги турнирни муваффақиятли якунлади
Кеча Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган «Palais des sports Marcel Cerdan» спорт саройида таэквондо WT бўйича G6 категориясидаги Гран-при турнири ўз ниҳоясига етди.
Уч кун давом этган мусобақада миллий терма жамоамиз аъзолари ҳам иштирок этди. Беллашувлар давомида вакилларимиз томонидан 2 та кумуш ва 1 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Хусусан, Жаҳон чемпиони Нажмиддин Қосимхожиев мусобақада иккинчи натижани қайд этиб, жорий йил ҳисобидан кетма-кет иккинчи Гран-при турнирида ҳам совриндорга айланди. Ҳамюртимиз июнь ойида Рим мезбонлик қилган мусобақада бронза медалини қўлга киритган эди. Бу сафар 22 ёшар спортчимиз кумуш медальга сазовор бўлди.
Бир неча кун аввал Осиё ўйинларида ғалаба қозонган Жасурбек Жайсунов Парижда ҳам сермаҳсул ғалабаларни давом эттириб, финалга қадар етиб келди. Амалдаги Жаҳон чемпиони Энрике Маркесга қарши кечган қизғин баҳсда афсуски, омад бразилиялик спортчига кулиб боқди. Шундай бўлса-да, Жасурбек мусобақанинг кумуш медальига сазовор бўлиб, Жаҳон рейтингидаги ўрнига қимматли очколарни қўшиб қўйди.
Бундан ташқари, аёллар ўртасида -67 кг вазн тоифасидаги беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Озода Собиржонова ҳам Осиё ўйинларидаги муваффақиятли иштирокдан сўнг, Париж Гран-присида ҳам ҳисобимизга медаль тақдим этди! У рақобатга бой ўтган баҳслар давомида бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Павел Хан шогирдлари Париж Гран-присини 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан ниҳоясига етказди. Эслатиб ўтиш даркор, ҳамюртларимиз сўнгги бор 2023-йилда ташкил этилган Париждаги Гран-приде 1 та олтин медалга эга чиққан.