Ўзбекистон сув спорти делегацияси Сингапурдан қайтди
4 август куни Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда “Uzbekistan Aquatics” федерацияси раҳбарияти Сингапурда 11 июлдан 3 августгача бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан қайтган миллий терма жамоамизни тантанали кутиб олди.
Ўзбекистон делегацияси мусобақада муносиб иштирок этиб, юқори савияда тайёргарлик ва жаҳон тажрибасини намойиш этди. Айниқса, миллий терманинг етакчи спортчиларидан бири Элдорбек Усмоновнинг натижалари алоҳида эътироф этилди.
Чемпионат олдидан Усмонов Германиядаги ёзги Универсиадада муваффақиятли иштирок этиб, кумуш ва бронза медалларга эга чиққан, шунингдек, янги миллий рекордларни ўрнатган эди. Бу натижалар унинг барқарор ривожланаётган спорт йўлининг муҳим босқичига айланди.
Федерация раҳбарияти Элдорбек Усмоновни юқори натижалари билан табриклаб, унинг профессионализми ва интилишини алоҳида таъкидлади ҳамда келгуси стартларда омад тилади.
Шунингдек, терма жамоанинг умумий натижалари ҳам ижобий баҳоланди — спортчиларнинг салоҳияти ва халқаро мусобақаларга тайёргарлиги яна бир бор намоён бўлди.