Ўзбекистон спорт делегацияларини Осиё ва Параосиё ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди
Ўзбекистон спорт делегацияларини Осиё ва Параосиё ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди
Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон спорт делегацияларини Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойлари давомида бўлиб ўтадиган ХХ ёзги Осиё ҳамда В ёзги Параосиё ўйинларидаги иштирокига бағишланган тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳамда спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Маросимда Осиё ва Параосиё ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар ва мураббийларнинг тайёргарлик жараёнларини акс эттирувчи “Бизни қарши ол, Нагоя!” шиори остидаги видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда дзюдо бўйича Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Музаффарбек Тўрабоев, юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатлари совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби, терма жамоа бош мураббийи Рустам Ассакалов ҳамда Париж-2024 Паралимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати мутлақ ғолиби, пара енгил атлетикачи Нурхон Қурбонова сўзга чиқди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан Париж-2024 Олимпия ўйинлари совриндори, оғир атлетика бўйича уч карра жаҳон чемпиони Акбар Жўраев ҳамда пара велоспорт бўйича 2026-йилги жаҳон чемпионати мутлақ ғолиби Маржона Пардабоевага Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тантанали равишда топширилди.
Маросим давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоалари тасдиқланган режага мувофиқ тайёргарликнинг якуний босқичини олиб бормоқда. Спортчилар учун маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиб, терма жамоалар замонавий спорт инвентарлари ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан спортчилар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, спортчилар учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришди. Спортчилар халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга тайёр эканликларини таъкидладилар.