Ўзбекистон ўсмирлари шахмат Олимпиадасида кучли рақибларга қарши баҳс қилмоқда
Колумбиянинг Барранкиля шаҳрида шахмат бўйича ўсмирлар (U-16) ўртасидаги Бутунжаҳон Олимпиадаси давом этмоқда. Мусобақада 45 мамлакатдан 90 жамоа иштирок этмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада ўртача рейтинг бўйича 2-ўринда қайд этилган. Жамоага халқаро гроссмейстер Сайдали Юлдашев бошчилик қилмоқда. Таркибдан халқаро спорт усталари Ҳумоюн Бегмуратов (2435), Муҳаммадзоҳид Суяров (2356), FIDE спорт устаси Асроржон Омонов ва ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони, аёллар халқаро спорт устаси Афруза Ҳамдамова ўрин олган.
Кечаги кун натижаларига кўра, 7-турда ўсмирларимиз асосий рақиблардан бири — Ҳиндистонга қарши 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди. Бироқ 8-турда жамоамиз Канада шахматчиларини 3,5:0,5 ҳисобида таслим этди.
Турнир жадвалида ҳозирча FIDE 1 терма жамоаси барча 8 учрашувда ғалаба қозониб, пешқадамликни қўлга олган. Ўзбекистон жамоаси эса 6 ғалаба ва 2 мағлубият билан 12 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичларга кўра 4-ўринни эгаллаб турибди.
Шунингдек, 13 очкога эга FIDE 2 иккинчи ўринни банд этган. Қозоғистон-1, Ҳиндистон, Хитой, Италия ва Колумбия-1 жамоалари ҳам 12 очкодан тўплаган.
Бугунги ҳал қилувчи 9-турда ўсмирларимиз Италияга қарши куч синашади. Шунингдек, биринчи доскада FIDE 1 ва FIDE 2 терма жамоалари ўзаро баҳс олиб бориши турнир тақдирини белгилаб бериши мумкин.