Ўзбекистон ўсмир дзюдочилари Тошкентдаги Осиё кубогида зафар қучди
Ҳозирги кунларда Тошкент шаҳри ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги дзюдо бўйича Осиё кубогига мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада 8 та давлат — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Моңғолия ва Эрондан келган иқтидорли ёшлар иштирок этмоқда.
Белгиланган дастурга мувофиқ, мусобақанинг илк қисмини ўсмирлар ўртасидаги беллашувлар ташкил этди. Ушбу баҳслар якунига етди ва терма жамоамиз ўз синовини муваффақиятли якунлади.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақа давомида 10 та олтин, 10 та кумуш ва 18 та бронза медалига эга чиқди. Шу тариқа, умумжамоа ҳисобида рақобатчиларини ортда қолдириб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа навбатдаги кунларда ёшлар (U21) ўртасидаги баҳслар билан давом этади. Унда ҳам юртимиз вакилларидан юқори натижалар кутиб қолинмоқда.