Ўзбекистон регбичилари Осиё чемпионатига жиддий ҳозирлик кўряпти
Ўзбекистоннинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари регби-7 йўналиши бўйича Осиё миқёсидаги мусобақаларга тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоалар Қозоғистоннинг Талдиқўрғон шаҳрида йиғин ўтказиб, халқаро турнирларга пухта тайёргарлик кўрмоқда.
19–21 сентябр кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё чемпионати — Emirates Sevens Series мусобақасининг илк босқичи бўлиб ўтади. Унда Япония, Хитой, Гонконг, Шри-Ланка ва БАА каби қитъанинг етакчи жамоалари қаторида 12 терма иштирок этади. Бу сафар Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси мусобақа саралаш босқичида илк марта майдонга чиқади. Сериянинг иккинчи босқичи 17–18 октябр кунлари Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида ташкил этилади.
Мазкур мусобақа жамоалар учун 2028 йили Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имкониятини тақдим этади.
Аёллар терма жамоаси эса 24–27 октябр кунлари Оманда ўтадиган Asia Rugby Sevens Trophy мусобақасига тайёрланмоқда. Бу турнир 2026 йилдаги Emirates Sevens Series учун саралаш вазифасини ўтайди. Ғолиб жамоа кейинги босқичга йўл олади ва Олимпиада лицензияси учун курашни давом эттиради.
Тайёргарлик доирасида ҳар иккала терма жамоа Қозоғистоннинг етакчи клублари — ПРК «Олимп», «Жетису» ва «СДЮСШ-1»га қарши назорат учрашувлари ўтказди, деб хабар берди Ўзбекистон регби федерацияси матбуот хизмати.