Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида йил якуни сарҳисоби: 160 медал завқи
2025 йил мамлакатимиз оғир атлетикачилари учун ниҳоятда муваффақиятли ҳамда сермаҳсул йил бўлди. “Ислом бирдамлиги” ўйинлари ҳамда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида спортчиларимиз юқори натижалар қайд этиб, Ўзбекистон спорт делегациясининг умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллашига муносиб ҳисса қўшди.
Хусусан, ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этди. 12 нафар спортчи билан қатнашган оғир атлетикачиларимиз 7 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медални қўлга киритиб, юқори самарадорликни намоён этди.
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом бирдамлиги” ўйинларида эса Ўзбекистон делегацияси жами 96 та медални қўлга киритди. Ушбу совринларнинг 20 таси оғир атлетикачиларимиз ҳиссасига тўғри келди.
Йил давомида дунёнинг турли мамлакатларида ташкил этилган 8 та нуфузли халқаро мусобақада қатнашган оғир атлетикачиларимиз умумий ҳисобда 160 та медалга сазовор бўлди.
Йил якунларига бағишланган йиғилишда мазкур ютуқлар алоҳида эътироф этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Оғир атлетика федерацияси раиси Ш. Хидоятов, Спорт вазири ўринбосари ва федерация раиси биринчи ўринбосари Ш. Махмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Р. Маткаримов, шунингдек мураббийлар, ҳакамлар, терма жамоа аъзолари ҳамда ҳудудий федерациялар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда спортчимиз Акбар Жўраевнинг ютуқлари алоҳида таъкидланди. У 2025 йил давомида “Ислом бирдамлиги” ўйинлари, Хитойда ўтган Осиё чемпионати ва Норвегияда ташкил этилган жаҳон чемпионатида жами 9 та олтин медални қўлга киритиб, бир нечта жаҳон рекордларини ўрнатди. Бу ютуқлар оғир атлетика тарихида камдан-кам учрайдиган юксак муваффақият сифатида баҳоланди.
Акбар Жўраевнинг ғалабалари Ўзбекистон спорти тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, у 2025 йилнинг энг яхши спортчиси деб эътироф этилди. Бу эса ёш спортчилар учун катта руҳий туртки бўлди.
Тадбир давомида 2026 йилда Японияда ўтказиладиган Осиё ўйинлари ҳамда 2028 йил Лос-Анжелес Олимпия ўйинлари саралаш мусобақаларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Мураббий ва мутахассислар олдига аниқ вазифалар белгиланиб олинди.