Ўзбекистон кубоги финали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Хабарингиз бор, 2-июн санасида Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади.
Бош соврин учун BMB PFC ҳамда "Oil Star" ПФК жамоалари баҳс олиб боради.
Амалдаги чемпион ва вице-чемпион ўртасидаги навбатдаги финал олдидан бугун, 31-май куни Ўзбекистон футзал федерацияси биносида ҳар икки жамоа бош мураббийлари ва футзалчилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
BMB PFC вакиллари Нодир Элибўев ҳамда Шахзод Са`диев, "Oil Star"дан Фузули Хайруллаев ва жамоа етакчиси Илҳом Ҳамроев ОАВ вакиллари саволларига жавоб беришди.
Қизғин давом этган жараёнда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Жумладан, жамоаларнинг ҳал қилувчи баҳсга тайёргарлиги, жароҳатланганлар, футзалчиларнинг ҳолати ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ҳар икки мураббий ва спортчилар кубокнинг янги формати барчага бирдек маъқул келгани, ўйинлар сони ортгани қўшимча ўйин амалийоти бўлиши, жамоа кейинги учрашувлари қайси шаҳар, вилоятда ва қайси саналарда бўлишини олдиндан аниқ билиб, шунга кўра тайёргарлик кўра олганини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорлар учун белгиланган пул мукофоти жамоаларга қўшимча мотивация беришини қайд этишди.
Эътиборли жиҳати ҳар икки томон рақиб ҳақида илиқ фикрлар билдириб, уларни ҳурмат қилиши, аммо финалда фақат ғалаба учун майдонга тушишини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, финал учрашуви 2-июн, соат 18:00да "Юнусобод" спорт мажмуасида бўлиб ўтади.