Ўзбекистон дзюдо федерациясида Ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди
Ўзбекистон дзюдо федерациясида 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг ортида қолган тўққиз ойи якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда федерация мутасаддилари, барча ёш тоифасидаги терма жамоа жамоаларимиз мураббийлари иштирок этди. Федерациянинг вилоятлардаги ижрочи директорлари ва масъуллари ZOOM платформаси орқали тадбирни кузатиб боришди. Дастлаб Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров 2024 йил якунлари ва 2025 йилнинг ортида қолган даври бўйича ўз ҳисоботини тақдим этди.
Федерация бош котиби халқаро йўналишда конфедерация ва федерациялар билан меморандумлар имзолангани, юртимизда бир неча давлат терма жамоаларининг қўшма машғулотлар ўтказаётгани, пойтахтимиз мезбонлигида нуфузли IJF мусобақалари ва тадбирларини ташкил этилаётгани, хорижий мураббийларнинг терма жамоаларимизда фаолият юритаётгани, клублар дзюдоси йўлга қўйилгани каби бир қатор йўналишларда айтишга арзигулик ютуқлар қўлга киритилгани урғуланди.
Шундан сўнг ташкилий масалага ўтилди. Шу кунгача Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб Ксения Гулямова раиси ўринбосари лавозимига сайланди. Делегатлар бир овоздан тақдим этилган номзодга овоз беришди. Гулямова юртимиз яккакураш спорт турларида раиси ўринбосари лавозимида ишлаган биринчи аёл мутасадди раҳбар бўлади.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов сўз олиб, олдинда амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп экани, буни биргаликда бир жамоа бўлиб бажариш лозимлигини, барча йўналишларда режа бўйича ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини айтди.