Ўзбекистон давлат спорт академияси билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди
Ўзбекистон дзюдо федерацияси турли йўналишларда қатор ташкилотлар билан спорт ривожи йўлида ҳамкорлик қилиб келади.
Куни кеча ҳамкор ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. Федерациямизнинг Ўзбекистон давлат спорт академияси билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Меморандум имзолаш маросимида Академия ректори профессор Илҳом Турсуналиев, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Закир Расулов, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Зафар Юсупов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров ва халқаро бўлим бош мутахассиси Дилшод Шукруллаев иштирок этди.
Меморандум доирасида дзюдо спорт турининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илм-фан ва амалиятни интеграция қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миллий терма жамоалар билан ишлаш, ўқув-машғулот жараёнини илмий асосда ташкил этиш, тренерлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз ўрнида Федерация Ўзбекистон давлат спорт академиясининг дзюдо йўналиши талабалари учун юқори натижаларга эришиш имкониятларини яратиш ва малакали кадрларни тайёрлашда ёрдам беради.