Ўзбекистон 2027 йилда Лос-Анжелес–2028 Олимпиадасига лицензия берадиган мусобақага мезбонлик қилади
Халқаро Оғир Атлетика Федерацияси (IWF) ижроия қўмитасининг якуний қарорига мувофиқ ушбу юксак масъулият ва ишонч Ўзбекистонга топширилди.
Ижроия қўмита аъзолари томонидан мамлакатимизнинг номзоди бир овоздан маъқулланди. Бу қарор Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги обрў-эътибори, юқори ташкилотчилик салоҳияти ҳамда оғир атлетика йўналишида эришилган ютуқларининг яққол эътирофидир.
Маълумот учун, мазкур нуфузли саралаш мусобақалари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, замонавий инфратузилмага эга ва барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, саралаш мусобақаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини Ўзбекистондан ташқари Қатар, Перу, Венесуэла ҳамда Таиланд мамлакатлари ҳам қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, Лос-Анжелес–2028 Олимпия ўйинларига қадар лицензия берадиган саралаш мусобақалари бор-йўғи беш марта ўтказилади. Шулардан бирига мезбонлик қилиш ҳуқуқининг Ўзбекистонга ишониб топширилгани мамлакатимиз спорти тарихидаги муҳим ва тарихий воқеа ҳисобланади.