Ўзбек шахматчиси Жавоҳир Синдоров — «Titled Tuesday» турнири ғолиби!
Ҳар сешанба куни ўтказиладиган нуфузли онлайн турнир — «Titled Tuesday»да дунё бўйлаб машҳур гроссмейстерлар қатнашади. Ўзбек шахматчилари мунтазам равишда ушбу мусобақада фаол иштирок этиб, муносиб натижалар қайд этиб келишмоқда. Навбатдаги ғалабани эса ёш гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров қўлга киритди.
Синдоров 11 турдан 9,5 очко тўплаб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Ханс Ниман ҳам 9,5 очко тўплади ва иккинчи ўринни олди. Мексикалик Хосе Мартинес 9 очко билан учинчи бўлди. Қизиғи шундаки, Жавоҳир Ниманни тўғридан-тўғри учрашувда мағлуб этди.
Унинг ғалабага олиб борган йўлида Сэм Шенкланд, Пархам Максудлу, Александр Бортник ва Ханс Ниман каби кучли рақиблар бор эди. Турнирдаги муваффақият Жавоҳирга 1000 АҚШ доллари миқдоридаги бош совринни тақдим этди.
Мусобақада собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 8,5 очко билан 7-ўринни эгаллади. Ҳиндистонлик Аржун Эргайси эса 8 очко тўплаб, 12-ўринда қолди.