Забит Магомедшарипов Рамазон ойидан сўнг грэпплинг бўйича жанг қилади
Ярим енгил вазн тоифасида собиқ UFC жангчиси, россиялик Забит Магомедшарипов Рамазон ойидан сўнг кураш (грэпплинг) бўйича гиламга чиқади.
«Забит Рамазон ойидан кейин беллашув ўтказади», – дея хабар беришган Магомедшарипов жамоаси вакиллари ТАСС агентлигига.
Таъкидлаш жоизки, кечагина Магомедшарипов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ACBJJ лигаси раҳбари Заурбек Хасиев билан тушган суратини эълон қилиб, тез орада «катта янгиликлар» бўлишини маълум қилган эди.
Россиялик спортчи UFCда 2017 йил сентябрь ойида дебют қилган ва жами олти та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.
Унинг сўнгги жанги 2019 йил ноябрь ойида «UFC Fight Night 163» турнири доирасида америкалик Келвин Каттарга қарши бўлиб ўтган ва унда Забит ҳакамларнинг якдил қарори билан зафар қучган эди. Унинг MMAдаги умумий кўрсаткичи 18 ғалаба ва бир мағлубиятни ташкил этади.