«Ювентус» Бруну Фернандешни ўз сафига қўшиб олмоқчи
«Ювентус» клуби «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Бруну Фернандешни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар берди.
Манбага кўра, туринликлар бош мураббий Лучано Спаллетти жамоасининг техник салоҳиятини янада ошириш мақсадида португалиялик футболчини трансфер қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Шу муносабат билан «Ювентус» раҳбарияти 31 ёшли ярим ҳимоячининг вакиллари билан унинг келажаги борасида дастлабки музокараларни ўтказган.
Бироқ ушбу трансферни амалга ошириш осон кечмаслиги мумкин. Хабар қилинишича, «Манчестер Юнайтед» Бруну Фернандеш учун 50–75 миллион евро атрофида товон пули талаб қилиши мумкин. Шунингдек, футболчининг юқори маоши ҳам туринликлар учун асосий тўсиқлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда португалиялик юлдузнинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномасини узайтириш бўйича музокаралар ҳам ижобий йўналишда давом этаётгани таъкидланмоқда.
Бруну Фернандеш 2020 йил январь ойидан буён «қизил иблислар» сафида тўп сурмоқда. У ўтган мавсум барча мусобақаларда 37 та учрашувда иштирок этиб, 9 та гол ва 22 та голли узатма муаллифи бўлди.
Футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали маълумотига кўра, Бруну Фернандешнинг бозор қиймати ҳозирда 35 миллион еврога баҳоланмоқда.