Ёшлар кучи — келажак пойдевори: Ўзбекистон чемпионати якунлари сарҳисоби
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ўсмирлар (U-17) ва кичик ўсмирлар (U-15) ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати юқори савияда ташкил этилиб, муваффақиятли якунланди. Тўққиз кун давом этган нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 400 нафардан ортиқ иқтидорли ёш спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Жами 29 та жамоа иштирок этган ушбу чемпионат кескин ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Кичик ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда 24 та жамоа камида биттадан медални қўлга киритишга эришган бўлса, Бухоро ОПСТТМ, Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Жиззах вилояти ҳамда Гулистон ОПСТТМ жамоалари бу сафар медальчилар сафидан жой ола олмади.
Ўсмирлар (U-17) ўртасида эса айрим жамоалар учун мусобақа кутилган натижаларни бермади. Хусусан, Навоий вилояти, Самарқанд вилояти, Жиззах ОПСТТМ, Жиззах вилояти, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳри жамоалари чемпионатни медалсиз якунлади.
Мазкур чемпионат ўзининг рекордларга бойлиги билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Кичик ўсмирлар ўртасида Солиха Баҳодирова, Муниса Болтаева, Муштарий Ураловa, Бобуржон Шоиров, Навруз Нарзуллаев ҳамда Маъмуржон Баҳодиров ўз вазн тоифаларида янги мамлакат рекордларини ўрнатди.
Ўсмирлар тоифасида эса Малика Хўжаназарова, Тоҳир Туробов, Ҳулқар Рўзиқулова, Мунисахон Абдураимова ва Алишер Усмонов юқори натижалар қайд этиб, рекордларни янгилашга муваффақ бўлишди.
Шунингдек, мусобақани адолатли ва шаффоф ўтказиш мақсадида допинг назорати тизими ҳам йўлга қўйилди ва барча жараёнлар халқаро талаблар асосида олиб борилди. Бу эса беллашувларнинг холис ва ҳалол руҳда ўтишини таъминлади.
Бундан ташқари, мазкур чемпионат жорий йил август ойида пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати учун муҳим саралаш босқичи вазифасини ҳам бажарди. Терма жамоа мураббийлар штаби ёш спортчиларнинг жисмоний ва техник ҳолатини синовдан ўтказиб, келгуси халқаро мусобақалар олдидан зарур хулосалар чиқарди.
Умуман олганда, чемпионат юқори савияда, муросасиз ва курашлар остида ташкил этилиб, ёш спортчиларнинг маҳоратини яна бир бор намоён этди.
Барча иштирокчиларга келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар ва янги марралар забт этишларини тилаймиз.