“WT Diamond Games”: Аралаш жамоавий баҳсларда бир олтин ва бир бронза медал!
Корея Республикасининг Мужу шаҳрида таэквондо WT йўналишидаги “Muju Taekwondowon 2025 World Taekwondo Diamond Games” халқаро турнири қизғин паллага кирди. Мусобақанинг иккинчи куни 295 кг умумий вазн тоифасида аралаш жуфтликлар ўртасидаги жамоавий беллашувлар билан давом этди.
Ўзбекистон икки тўртлик билан иштирок этди ва ҳар икки жамоамиз совриндорлар сафидан ўрин олди.
Ўзбекистон-1 таркиби (Озодбек Мамадалиев, Ёдгор Жўрабоев, Севинч Ҳайитова, Озода Собиржонова) мусобақани Сингапур устиданги ғалаба билан бошлади. Чорак финалда мезбон Корея Республикаси мағлуб этилди. Ярим финалда Қозоғистонга имконият берилган бўлса-да, бронза медали учун баҳсда Марокаш жамоасига қарши ишончли ғалаба қайд этилди.
Ўзбекистон-2 таркиби (Диёрбек Тўхлибоев, Шуҳрат Салаев, Шаббона Абдувалиева, Светлана Осипова) босқичма-босқич Индонезия ва Мўғулистон термаларини мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда эса аввалроқ Ўзбекистон-1 жамоасини енгган Қозоғистон устидан ишончли ғалабага эришиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Шу тариқа, юртимиз жамоалари 295 кг аралаш жуфтлик баҳсларида 1 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди. Ҳозирча умумий ҳисобда терма жамоамиз 2 та олтин ва 1 та бронза медалига эга.
Эртага турнирнинг сўнгги кунида индивидуал жанглар бўлиб ўтади.