Волкановски ва Лопес жанг қиладиган UFC 325 турнирининг расмий постери эълон қилинди (фото)
UFC матбуот хизмати навбатдаги UFC 325 турнири учун расмий постерини тақдим этди.
Мусобақанинг асосий жангида ярим енгил вазн тоифасида амалдаги UFC чемпиони, австралиялик Александр Волкановски ҳамда 66 кг вазн тоифасида рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб турган бразилиялик Диего Лопес ўртасида реванш баҳси бўлиб ўтади. Учрашув 31 январь куни Австралиянинг Сидней шаҳрида ташкил этилади.
Улар ўртасидаги илк жанг 12 апрел куни UFC 314 турнири доирасида бўлиб ўтган ва унда Волкановски ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонган эди. Шундан сўнг австралиялик чемпион октогонга қайтмади. Айни пайтда унинг MMA'даги умумий рекорди 27 ғалаба ва тўрт мағлубиятдан иборат.
Диего Лопес эса Волкановскига мағлуб бўлганидан кейин октогонга муваффақиятли қайтди. Бразилиялик жангчи 13 сентябр куни бўлиб ўтган UFC Fight Night 259 турнирида Жан Силвани техник нокаут орқали мағлуб этди.