Волейбол. Ўзбекистон волейболчилари делегацияси сафарда
Бугун юртимиз волейболчилари делегацияси III Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинларида иштирок этиш учун Озарбайжонга йўл олишди. Уларга катта мусобақа олдидан кўтаринки кайфият ва омад тилаймиз!
МДҲ III ўйинлари жорий йилнинг 28-сентябридан 8-октябрига қадар ўтказилади. Ушбу нуфузли спорт фестивали 23 та спорт турини ўз ичига олади ҳамда умумий ҳисобда 3500 дан ортиқ спортчиларни бир майдонга тўплайди.
Мусобақа баҳслари Озарбайжоннинг бир нечта шаҳарларида – Гянжа, Мингечевир, Габала, Шеки, Гёгёль, Евлах ва Хонкенди спорт ареналарида бўлиб ўтади.
Бу мусобақа нафақат спортчилар учун, балки бутун МДҲ мамлакатлари спорт жамоатчилиги учун ҳам катта байрам бўлиши кутилмоқда. Бизнинг волейболчиларимиз ҳам ушбу майдонда ўз маҳорат ва кучини намоён этишларига ишонамиз.