Волейбол: Ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрилаётгани ўрганилди
Маълумки, жорий йилнинг 24 июл — 3 август кунлари Ўзбекистон 19 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги волейбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Мусобақада 24 та давлат терма жамоаси иштирок этади. Чемпионатнинг саралаш баҳслари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Саховат спорт сервис” зали ҳамда Тошкент вилоятидаги Жисмоний тарбия ва спорт университети манежида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу нуфузли мусобақа арафасида тайёргарлик жараёнлари танишув ва назоратдан ўтказилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, ИИВ ўринбосари ва Волейбол федерацияси раиси биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари мусобақа ўтказиладиган иншоотларда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди. Жойлардаги масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.