Волейбол. Навоий вилоятида волейбол бўйича ўқув-семинар ташкил этилди
Ўзбекистон волейбол федерацияси иш режасига мувофиқ, Навоий вилоятида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев иштирокида волейбол спорт турини ривожлантиришга қаратилган қатор семинарлар ва ишчи йиғилишлар ташкил этилди. Тадбирлар доирасида Навоий олимпиада ва паралимпиада спорт турларига тайёрлаш марказида волейбол спорти учун яратилган шарт-шароитлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Марказ инфратузилмаси, машғулот заллари ҳамда спортчиларга яратилган имкониятлар кўздан кечирилиб, волейболчилар билан бевосита учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, марказда фаолият юритаётган замонавий физиотерапия хоналари, у ердаги жиҳозлар ва мутахассислар фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.
Семинарлар давомида FIVB инструктори Моро Бранислав ва Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Носиров Закир Закировичлар томонидан амалий машғулотлар ва назарий семинарлар ўтказилиб, мураббийлар ҳамда масъул мутахассисларга волейболни ривожлантириш бўйича зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, йил давомида волейбол спорти бўйича яхши натижаларга эришган туманлар муносиб тақдирланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан жойларда волейбол инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида кoптoклар, сеткалар ҳамда кoптoк ташиш учун махсус аравачалар тарқатилди.
Бундан ташқари, ички ишлар идоралари томонидан туманларга бириктирилган масъуллар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилиб, улар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди ҳамда волейбол спортни янада ривожлантириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Йиғилиш давомида 2026 йилда Марказий Осиё U-16 чемпионатини Навоий вилоятида ўтказиш бўйича қарор қабул қилиниб, мусобақани июн–июль ойларида ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Якунда эса 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олиниб, мазкур йўналишда йўл харитасини ишлаб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.