Волейбол. Эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионати (Олий лига, 1-тур) тантанали равишда очилди
Тошкент шаҳрида эркаклар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионати — Олий лига (1-тур) мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Жорий йилнинг илк йирик спорт мусобақаларидан бири сифатида эътироф этилаётган ушбу турнир юксак савияда, байрамона руҳда ташкил этилди.
Очилиш маросимида Осиё волейбол конфедерацияси (AVC) Президенти Рамон Сузара, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири — Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси генерал-лейтенант Азиз Анварович Тошпо‘латов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Икрамов Адҳам Илҳомович, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, спорт сохаси мутасаддилари, федерация раҳбарияти, мураббийлар, спортчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида расмий меҳмонлар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилашди, Ўзбекистонда волейбол спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусида халқаро ҳамкорликнинг янада кенгайиши ҳақида гапиришди. Бундан ташқари, бу каби мусобақаларнинг ёш спортчиларни профессионал даражада камол топтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мусобақада илк бор замонавий “Challenge” (видео қайта кўриб чиқиш) тизими жорий этилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Мазкур тизим баҳслар давомида ҳакамлик қарорларининг янада ҳаққоний ва шаффоф бўлишини таъминлаб, чемпионатнинг халқаро стандартларга мос равишда ўтказилишига хизмат қилади.
Байрамона кайфиятда ташкил этилган тантанали маросим санъаткорлар чиқишлари ва спортчилар парадига уланиб, томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди. Олий лига баҳслари 22–29-январ кунлари Олимпия шаҳарчаси жамоавий спорт турлари зали ҳамда “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуасида давом этади.
Мазкур чемпионат мамлакатимизнинг волейбол ривожланишида муҳим босқич бўлиб, спортчилар ўртасида рақобатни кучайтириш, янги истеъдодларни кашф этиш ҳамда Ўзбекистон волейболининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.