Волейбол. Бухоро давлат университети волейбол жамоалари
Бухоро давлат университетининг волейбол бўйича ўғил ва қизлар жамоалари ўтган йиллар давомида халқаро ҳамда республика миқёсидаги нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этдилар.
Хусусан, халқаро майдонда БухДУ жамоалари “CAVA U16 & U19 Championship” мусобақасида фахрли 2-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё даражасида ўз салоҳиятини намоён этди. Шунингдек, “CAVA College University Championship” мусобақасида ҳам ўғил болалар, ҳам қизлар жамоалари чемпионликни қўлга киритиб, университет шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Бундан ташқари, “III Turkic Universiade” мусобақасида қизлар жамоаси 1-ўринни, йигитлар жамоаси эса 2-ўринни эгаллади.
Республика миқёсида ҳам жамоалар бир қатор юксак натижаларга эришди. Жумладан, Ўзбекистон чемпионати ва кубок баҳсларида қизлар жамоаси совриндорлар қаторида жой олиб, U18 ва U21 чемпионатларида ҳамда Ўзбекистон кубогида юқори натижаларни қайд этди. Йигитлар жамоаси эса U20 Ўзбекистон кубогида чемпионликни қўлга киритиб, мамлакат миқёсида етакчи жамоалардан бири эканлигини яна бир бор исботлади. Шу билан бирга, БухДУ жамоалари бошқа турли мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб, бир қатор юқори натижаларни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур ютуқлар Бухоро давлат университетида спортни ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда профессионал тайёргарлик тизими самарали йўлга қўйилганининг яққол ифодасидир.