Велоспорт. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди
Саломбек Ҳасанов Қозоғистондаги халқаро турнирда зафар қучди. Умумий натижалар бўйича Шоислом Шоакмалов чемпион.
Аввалроқ хабар берганимиздек, Қозоғистонда анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинадиган “Школьник Казахстана” халқаро велопойга турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг 7-босқич пойгалари ҳам ортида қолиб, ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди. Қувонарлиси, 90 километр масофага ўтказилган навбатдаги гуруҳ пойгасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Саломбек Ҳасанов барча рақибларини ортида қолдириб, 2 соат 09 дақиқа 38 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медални қўлга киритди.
Ёш велопойгачимизининг ушбу ёрқин ғалабасида жамоадошлари — Фазлиддин Эргашев, Чингиз Чўлиев, Шоислом Шоакмалов, Абдуваҳоб Юсуфжонов ва Мануchehr Абдурасуловларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Улар пойга давомида Саломбек Ҳасановга яқиндан кўмаклашиб, ғалаба сари йўл очиб беришди.
Қайд этиш керак, ўтказилган барча босқичлар бўйича ҳам етакчилик айнан бизнинг спортчимизга насиб этди. Умумий натижалар бўйича (General classification) Шоислом Шоакмалов мусобақа мутлақ ғолибига айланди.
Мусобақа якунида бир неча кун давомида юқори натижалар қайд этган спортчилар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Эътиборлиси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фазлиддин Эргашев “Тоғ велопойгачиси” номинациясида ғолиб деб топилди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон велоспорти вакилларининг халқаро майдондаги бундай муваффақиятлари қувонарли, албатта. Саломбек Ҳасанов ва Фазлиддин Эргашевни қўлга киритган ғалабалари билан муборакбод этамиз! Уларга келгуси мусобақаларда ҳам улкан зафарлар, янги рекордлар ва омад тилаймиз!