Велоспорт. Олий Мажлис Сенати Раиси Осиё велоспорт конфедерацияси президенти билан учрашди
Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Тансила Нарбаева Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Дато Амаржит Сингх билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Осиё велоспорт конфедерацияси ўртасидаги дўстона ва конструктив ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда велоспорт давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётганини, замонавий инфратузилма яратилгани ҳамда спортчиларнинг халқаро майдондаги натижалари изчил ўсиб бораётганини қайд этдилар. Хусусан, миллий ва паравелоспорт терма жамоаларининг Олимпия ўйинлари ва жаҳон мусобақаларидаги иштирок этгани мамлакат салоҳиятининг яққол ифодаси экани таъкидланди.
Учрашув давомида Ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Битим доирасида Ўзбекистонда минтақавий ўқув-тренинг маркази ташкил этиш, халқаро мусобақаларни Конфедерация тақвимида кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, шунингдек, аёллар ва паравелоспортни қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Томонлар мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Осиё мамлакатлари ўртасида велоспорт соҳасидаги халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.