Велоспорт. Италиядаги турнирда Никита Светков икки бор шоҳсупадан жой олди
Италияда ўтаётган трек бўйича “Gran Premi Internazionali di Fiorenzuola” халқаро мусобақасидан хушхабар. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда BARDIANI-CSF 7SABER клуби аъзоси Никита Светков “омниум” дастурида бронза медални қўлга киритди. Биласиз, велоспортнинг трек йўналишида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган “омниум” – энг мураккаб ва чидамлилик талаб этадиган пойга ҳисобланади. Кўпкураш дастурида Никита умумий ҳисобда 114 очко жамғариб учинчи ўринни эгаллади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. U23 ёш тоифасида ўтган “point race” дастурида ҳам Никита Светков делегациямиз ҳисобига яна бир медални қўшиб қўйди. 75 айланадан иборат 45 км масофадаги беллашувда ҳамюртимиз 50 очко жамғариб, бронза медали билан тақдирланди.
Қайд этиш керак, мусобақада нафақат Европа балки, Осиё ва Америка қитъасидан ташриф буюрган энг кучли велопойгачилар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.