UzMAMF FIA Осиё-Тинч океани конгрессида иштирок этди
UZMAMF FIA ОСИЁ-ТИНЧ ОКЕАНИ КОНГРЕССИДА ИШТИРОК ЭТДИ
2026-йил 29-сентябрдан 1-октябргача Филиппиннинг Боракай оролида Халқаро автомобиль федерацияси — FIAнинг Осиё-Тинч океани конгресси бўлиб ўтди. Тадбирга Филиппин автомобиль ассоциацияси мезбонлик қилди.
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ АВТОМОБИЛЬ ВА МОТОЦИКЛ ФЕДЕРАЦИЯСИ (UZMAMF) номидан раис ўринбосари ва бош котиб Алекс Цой иштирок этди.
FIA маълумотига кўра, конгрессда иштирок этиш учун Осиё ва Тинч океани минтақасидаги федерацияга аъзо ташкилотлардан 120 нафар делегат рўйхатга олинган.
Дастур йўл ҳаракати хавфсизлиги, барқарор ва барча учун қулай транспорт, туризм ҳамда инновацияларни жорий этиш масалаларини қамраб олди. Спортга бағишланган сессияларда оммавий автоспортни ривожлантириш ва мусобақаларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Конгресс тажриба алмашиш, миллий ташкилотларнинг муваффақиятли лойиҳаларини муҳокама қилиш ва минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун майдон бўлди.