Ҳусниддин Нишонов: \"Янада кучлироқ чемпионат ва клубларда ўйнашни истайман\"
Ўзбекистон - Тожикистон терма жамоалари (1:0) ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувидан кейин легионеримиз Ҳусниддин Нишонов ("Витен", Беларусь) билан мусоҳаба уюштирдик.
- Ҳусниддин, аввало ғалаба билан табриклаймиз. Бугунги ўйинда қайд этилган ҳисоб дастлабки учрашувдагига нисбатан бироз камтарона бўлди...
- Табрик учун раҳмат. Бизда ҳам, қўшни Тожикистон Республикаси терма жамоасида ҳам авлодлар алмашинуви жараёни кечяпти. Дастлабки баҳсда жамоалар очиқ футбол намойиш этишди. Тезкор киритилган гол "иштахамизни очиб юборди" дейиш мумкин. Кайфият кўтаринки бўлганда ўйин ҳам қовушади. Натижада биз йирик ҳисобда ғалаба қозонгандик. Бугун эса рақибларимиз ҳимояда жуда зич ва тартибли ҳаракат қилишди. Бутун эътиборни ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишга қаратди ва қарши ҳужумда ўйнашди. Буни деярли уддалашди, дейиш мумкин. Фақат биттаgina гол ўтказиб юборишди, аммо жавоб қайтаришнинг уддасидан чиқишолмади. У йирик ҳисобда бўладими, кичик ҳисобда бўладими, ғалаба барибир ёқимли.
Тожикистон терма жамоаси таркибида жуда кўп ёш, янги ўйинчиларни кўрдик. Худди биздаги каби. Мамлакатимизда ўтказилган сўнгги Жаҳон чемпионатидаги омадсизликни тезроқ унутиб, жанговор ҳолатимизни тиклаб олишимиз керак. Йиқилгандан кейин туришни ҳам билишимиз керак. Бизда футзал бор эди, ҳозир ҳам ривожланиш йўлидамиз, бундан кейин ҳам бўлади. Бу борада янгиланган мураббийлар штабимиз самарали иш олиб бораяпти, деб ўйлайман. Нодир Элибоев ҳамда у кишининг ёрдамчиларига раҳмат. Жамоанинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий тайёргарлигига катта урғу қаратишяпти. Худо хоҳласа, қитъа ҳамда жаҳон миқёсида ҳали яна ўз сўзимизни айтамиз.
- Айни пайтдаги мураббийлар штабининг иш услубини футзалчилар қандай қабул қилишяпти?
- Нодир ака билан клубда ҳам бирга ишлагандик. У киши доимо изланувчан, янгиликка интилавчан инсон. Албатта, терма жамоалар миқёсидаги аввалги мураббийларга нисбатан бир қатор ўзгаришларга қўл урган. Бизда ишлаб кетган хорижлик мураббийлар, ўзимизнинг устозларнинг иш услубидан фарқли жиҳатлар кўп. Хорижлик мутахассислар пайтида жисмоний юкламалар кўп берилган. Баҳодир ака Ахмедов устозлик пайтида тактик йўналишлар бошқачароқ эди. Нодир Элибоев танлаётган услуб у кишиникидан ҳам фарқланади. Айни пайтдаги мураббийлар штаби ёшларга кўпроқ эътибор қаратаяпти. Терма жамоамизга илк марта жалб этилган ўйинчилар кўп. Қон янгиланаяпти, дейишадими, худди шунақа. Ҳозирча барчаси кўнгилдагидек боряпти дейиш мумкин. Терма жамоамиз тўртта ўйин ўтказди ва барчасида ғалаба қозонди. Мен пойтахтимизда бўлиб ўтган мана шу охирги иккита ўйинда қатнашдим. Мураббийларнинг кўрсатмаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ҳаракат қилаяпмиз. Жамоамизни тўлиқ шакллантириб олиш учун ҳали вақт керак. Олдинда бизни масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Унгача бироз вақт бор. Насиб бўлса, янада кучаямиз. Мухлислар олдида сўнгги жаҳон чемпионатидаги омадсизлик боис, қарзимиз бор. 2026-йилги Осиё чемпионатида совриндорлар қаторига киришимиз зарур. Кейинги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиб, финал босқичида аввалги хатоларни такрорламаслигимиз ва юқорироқ натижалар билан мухлисларимизни хурсанд этишимиз лозим.
- Ҳусниддин, фаолиятингизда янги саҳифа очдингиз, легионерга айландингиз. Беларусь чемпионати даражаси, жамоангиз ҳамда ўзингизнинг ундаги иштирокингиз ҳақида гапириб берсангиз...
- Беларусь мамлакати футзалининг бизникидан фарқли жиҳатлари анчагача. Ўзимизнинг футзалимиз даражасини асло камситмоқчи эмасман. Шу ерда туғилдим, ўсдим, футзалчи сифатида вояга етдим, ҳаммаси учун Ватанимизга раҳмат. Беларусда кўпроқ ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ўйин давомида атлетик курашларга жиддий эътибор қаратилади. Бу борада улар олдинда. Бизда 2-3 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб борса, уларда ғолибликка даъвогарлар сони кўпроқ. Тенг кучли 6-7 та жамоа борки, совринли ўринлар учун кураш улар орасида жуда жиддий кечади. Беларусь Элита лигасида 12 та жамоа иштирок этади. Бу йилги чемпионат тугашига уч тур қолди. Айни пайтда мен ўйнаётган "Витен" пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ва учинчи ўринда бораётган VRZ ҳамда "Столица" жамоалари ҳисобида ҳам бизники каби 43 очко бор. Ўзаро ўйин ва тўплар нисбатига кўра биз биринчи ўринни эгаллаб турибмиз. 4-ўринда бораётган "Охрана" ҳисобида 41 очко бор. Сўнгги икки турда жамоамиз афсуски, имкониятни бой бериб қўйди ва рақибларнинг тенглашиб олишига имконият яратдик. Энди бўлғуси учрашувларнинг ҳеч бирида очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Бўлмаса, исталган турда вазият ўзгариб кетиши мумкин. Иккинчи давра якунига етгач, плей-офф баҳслари бошланади. Бизни олдинда жуда жиддий ва муросасиз рақобатлар кутиб турибди.
Бевосита ўзимнинг ўйинимга келадиган бўлсам, юз фоиз қониқиш ҳосил қилаяпман дейишим қийин. Биласиз, ўзимга жуда талабчанман. Биринчи мавсум "Витен"да иккинчи тўртликда мунтазам майдонга тушиб турибман. Голлар урдим, чемпионатда ҳам, мамлакат кубогида ҳам. Сариқ карточкаларим ҳам етарли (кулади). Хуллас, чемпионликни қўлга киритсак, ҳаммаси жойида бўлади...
- Беларусь мамлакати Кўҳна қитъа сари бизнинг футболчилар учун трамплин вазифасини ўтаб беради. Абдуқодир Ҳусановни назарда тутаяпман. Сизда ҳам Европа сари юзланиш ниятлари борми...
- Беларусь чемпионатида — катта футболда ҳам, футзалда ҳам матбуот хизматига жуда жиддий эътибор қаратилади, уларга шароитлар яратиб берилар экан. Барча ўйинлар ижтимоий тармоқларга, жумладан “Youtube” каналларига жойлаб борилади. Ўйинларни кузатадиган аудитория ҳам кенг. Табиийки, улар орасида Европанинг машҳур клублари, жамоалари скаутлари ҳам бор. Мақсадларим улкан. Аллоҳ насиб қилса янада кучлироқ чемпионатларда, номдор клубларда тўп тепишни истайман.
- Кўп сонли мамлакатимиз футзал ишқибозлари номидан орзуларингиз рўёбга чиқишини, истакларингизга эришишингизни тилаймиз.
- Раҳмат.