Урганч давлат педагогика институтида спорт ойлиги доирасида беллашувлар ўтмоқда
Урганч давлат педагогика институтида спорт ойлиги муносабати билан турли йўналишларда мусобақалар ташкил этилмоқда. Куни кеча ўқитувчилар, техник ходимлар ва талабалар иштирокида навбатдаги беллашувлар ўтказилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан 2025 йил май ойи мамлакат бўйлаб “Спортчи – юрт ҳимоячиси!” шиори остида спорт ойлиги деб эълон қилинган. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш ҳамда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашдир. Шу билан бирга, бу каби тадбирлар жамоавий ишлаш ва ҳамжиҳатлик кўникмаларини шакллантиради.
Беллашувлар доирасида иштирокчилар волейбол, армрестлинг, арқон тортиш, бадминтон, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича ўз маҳоратларини намоён этишди.
Мусобақаларда Спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Олимов, Хоразм вилоят спорт бошқармаси раҳбари Нодира Жуманиёзова ҳамда институт ректори Феруза Мадраҳимова иштирок этди. Улар ёшлар билан суҳбатлашиб, мусобақалар қатнашчиларини қўллаб-қувватлади. Тадбир якунида ғолиблар тақдирланди, дея хабар беради институт матбуот хизмати.