UFC собиқ жангчиси Диего Санчес 5 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
UFC фахрийси Диего Санчес 5 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда MMA Junkie нашри хабар бермоқда.
44 ёшли америкалик спортчи 2025 йилнинг июл ойида ҳибсга олинган эди. Полиция маълумотларига кўра, у магистрал йўлдаги ЙПХ маскани ёнидан ўтаётганда, ўз автомобили ойнасидан ўқ узган. Санчес автомобилдан ўқ узиш (тўртинчи даражали оғир жиноят) айблови бўйича ўз айбига иқрор бўлди. Қурол билан эҳтиётсиз муносабатда бўлиш бўйича иккинчи айблов эса олиб ташланди.
Прокурорлар собиқ жангчи учун икки йиллик ҳақиқий қамоқ жазосини сўраган эди. Бироқ суд беш йиллик шартли жазони лозим топди. Санчеснинг таъкидлашича, ҳодиса юз берган вақтда у руҳий муаммолар ва турли боғлиқликлардан азият чеккан ва улар билан курашишга ҳаракат қилган.
Маълумот учун, Диего Санчес The Ultimate Fighter (2005) реалити-шоуcининг биринчи мавсуми иштирокчиси сифатида танилган. У 2005 йилдан 2022 йилга қадар UFC’да 22 та жанг ўтказган. Промоушендан кетганидан сўнг, 2023 йил феврал ойида BKFC қўлқопсиз жанглар лигасида битта учрашувда қатнашди. Санчеснинг катта спортга қайтиши-қайтмаслиги ҳозирча номаълум.