UFC чемпиони жиддий аварияга учради
UFC’нинг ўрта вазн тоифасидаги чемпиони Шон Стрикленд жиддий йўл-транспорт ҳодисасига учраганини маълум қилди. Америкалик жангчининг айтишича, у дўсти бошқараётган йўлтанламас транспорт воситасида кетаётганида машина тахминан 60 миля/соат тезликда бир неча бор ағдарилган. Стрикленд бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасида хабар берди.
Стрикленд авария вақтида ҳимоя дубулғасини тақмаганини тан олди. Ҳодиса оқибатида унинг боши, елкаси ва танасининг айрим қисмларида тирналиш ва шикастланишлар пайдо бўлган. Жангчи боши ерга урилганини ҳам айтган, бироқ кейинчалик умумий аҳволи яхши эканини маълум қилган.
Транспорт воситасини бошқарган Стрикленднинг дўсти эса авариядан сўнг қисқа муддат ҳушини йўқотган ва шифохонага олиб кетилган. Хабарларга кўра, унинг аҳволи барқарор ва тикланиши кутилмоқда. Стрикленднинг ўзи ҳам ҳодисадан кейин жиддийроқ тиббий ташхис ҳақида маълумот бермаган.
Маълумот учун, бу Стрикленднинг транспорт билан боғлиқ илк жиддий ҳодисаси эмас. У 2018-йилда ҳам мотоцикл авариясига учраб, оғир жароҳатлар сабаб қарийб икки йил октагондан ташқарида қолган эди.