Уэсли Со: “Шахматда фақат битта жаҳон чемпиони бўлиши керак. Ҳозир эса бу — Гукеш.”
FIDE фаолиятини танқид қилар экан, Уэсли Со ташкилот томонидан жорий этилган янги унвонлар (рапид, блиц, freestyle ва Total Chess) шахматдаги энг нуфузли унвон — классик жаҳон чемпионлиги мавқеини пасайтириб юборганини айтди.
“Қизиқ ҳолат: сизда ‘Total Chess бўйича жаҳон чемпиони’ деган унвон бор, лекин ҳаммамиз биламиз — Гукеш расмий жаҳон чемпиони. Шахматда фақат битта жаҳон чемпиони бўлиши керак ва ҳозир бу Гукеш, чунки у бунга ҳалол меҳнати билан эришди. Freestyle, rapid, blitz ёки Total Chess бўйича чемпионликлар — буларнинг барчаси иккинчи даражали”, — деди Со The Indian Express нашрига берган интервьюсида.
“FIDE жуда сиёсий ташкилот. Улар шахматни бизнес сифатида бошқаради, шунинг учун ўзларига молиявий ва сиёсий жиҳатдан фойдали бўлган ишларини қилишади, қолганлари эса иккинчи ўринда туради”, — дея қўшимча қилди у.
Со, шунингдек, классик жаҳон чемпионати тизимидан норози бўлганлар ҳам борлигини таъкидлади.
“Масалан, АҚШда кўплаб одамлар ҳозирги Гукеш эгаллаб турган жаҳон чемпиони унвонини эскирган деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, шахмат олами классик жаҳон чемпионатисиз ҳам яшай олади”, — деди у.
“Улар тезроқ вақт назоратларини, онлайн турнирларни хоҳлашади. Ҳар йили ҳаммаси нолдан бошланадиган мусобақа бўлишини исташади — худди NBA дагидек.”
“Мен эски мактаб тарафдориман. Фишер, Карпов, Каспаров каби расмий жаҳон чемпионларини кузатиб улғайганман, улар ҳақида ўқиганман. Ҳали ҳам 14 партиялик классик матч ўйнаб, барча босқичлардан ўтиб чемпион бўлиш ғояси менга ёқади. Чемпион эса ўз унвонини ҳимоя қилиш учун мос рақиб келгунгача мавқесида қолиши керак”, — деди Со.