Ҳудудлар дзюдоси янги босқичга кўтарилади
Ҳудудлар дзюдосини янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш Ўзбекистон дзюдо федерациясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Сир эмас, мамлакат дзюдосининг юзи ҳисобланган терма жамоаларнинг қанчалик кучли бўлиши бевосита ҳудудлардаги дзюдо ривожига боғлиқ. Шу мақсадда, бугун Ўзбекистон дзюдо федерациясида ҳудудий бўлимлар ижрочи директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Федерация бош котиби Азиз Собиров бошчилигида ўтган йиғилишда бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ҳудудлар дзюдосини умумий ривожлантириш, шаффоф селекция тизимини янада такомиллаштириш, вилоятларда ўтказиладиган мусобақалар сонини кўпайтириш, мураббийлар малакасини ошириш йўлида семинарлар ташкил этиш, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан бунёд этилган енгил конструкцияли ихтисослаштирилган дзюдо заллари самарадорлигини ошириш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди ва бу бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.