Тошкентдаги ЖЧ-2024: тайёргарлик босқичи муҳокама қилинди
24 июлдан 3 августгача Тошкентда волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мусобақага тайёргарлик бўйича йиғилиш ташкил этилди.
Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, мамлакат волейбол федерацияси раҳбарлари ва волонтёрлар хизмати вакиллари иштирок этди. Унда тайёргарлик ишлари, ташкилий масалалар ҳамда турнирни юқори савияда ўтказиш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Йиғилишда илгариги халқаро мусобақалар тажрибаси асосида турнир иштирокчилари ва меҳмонлар учун қулай муҳит яратиш, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда инфратузилмани халқаро талабларга мувофиқлаштириш лозимлиги қайд этилди. Волонтёрлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳар бир вазифани назоратда ушлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.