Тошкентда «Judo Sport Clubs Stars» халқаро турнири бошланди
Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Озарбайжон ва Беларусдан келган икки мингга яқин ёш дзюдочиларни бирлаштирган “Judo Sport Clubs Stars” халқаро турнири бўлиб ўтмоқда.
Мусобақанинг биринчи куни қизлар ўз ёш ва вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб боришяпти. Ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу турнир болалар дзюдосини оммалаштириш, ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириш ва клуб тизимини ривожлантириш мақсадида ташкил этилади.
Мусобақа, шунингдек, халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва истиқболли дзюдочиларни саралаб олишга хизмат қилади. Турнирнинг ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дзюдони янада ривожлантириш, жумладан, ушбу спорт турини оммалаштириш ва ёш спорт захирасини тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашади.
Мусобақанинг соврин жамғармаси унга алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ташаббуси билан турнирнинг бош совринлари сифатида иккита автомобиль қўйилди. Улардан бири жамоавий баҳсларда ғолиб чиққан жамоага, иккинчиси эса “Энг яхши спортчи” номинацияси ғолибига топширилади.