Тошкентда илк бор катталар тоифасидаги қиз-аёллар ўртасида сабля бўйича Жаҳон кубоги ўтказилмоқда
2026-йил 27–29-март кунлари Ўзбекистон пойтахти жаҳон қиличбозлик марказига айланади — Тошкент шаҳрида катталар тоифасидаги спортчи аёллар ўртасида сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади. Нуфузли халқаро мусобақа Олимпия шаҳарчасида ташкил этилиб, дунёнинг энг кучли қиз-аёл қиличбозларини жамлайди.
Мазкур мусобақани пойтахтимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганини ва мамлакатимизнинг жаҳон қиличбозлик ҳамжамиятидаги нуфузи ортиб бораётганини кўрсатади.
Мусобақа халқаро қиличбозлик федерацияси регламентларига мувофиқ ташкил этилиб, якка ва жамоавий баҳсларни ўз ичига олади. Айни пайтда унда дунёнинг 25та давлатидан, жумладан АҚШ, Хитой, Япония, Корея Республикаси, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Венесуэла, Чили ва бошқа мамлакатлардан спортчи аёллар иштирок этади.