Тошкентда халқаро Олимпия куни кўтаринки руҳда нишонланди
Юртимизда ҳар йили катта тантана билан нишонланадиган Халқаро Олимпия куни бу йил ҳам ўзгача шукуҳда қарши олинди. Тадбирга терма жамоаларимизга асосий захира спортчиларни етказиб берадиган пойтахтимиздаги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мезбонлик қилди.
Байрамда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, “LUKOIL Uzbekistan Operating Company” компанияси раҳбарияти, ўзбек спортнинг юлдузлари, федерация ва ассоциациялар масъуллари, ёш атлетлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тантанали очилиш маросимида сўз олган расмийлар Халқаро Олимпия кунининг тарихий аҳамияти, унинг жаҳон спорт соҳасида тутган ўрни ва мамлакатида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтишди. Олимпия ғоялари — тинчлик, дўстлик ва бирдамликни тарғиб этувчи куч сифатида алоҳида таъкидланди.
Бу йилги тантана “LUKOIL Uzbekistan Operating Company” билан ҳамкорликда нишонланди. Компания мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахтимиздаги қатор спорт мактабларига Бирлашган кураш дунёси (UWW) стандартларига тўла жавоб берадиган замонавий гиламларни совға қилди.
Ёш спортчилар меҳмонлар учун футбол, бадминтон, камондан отиш, стол тенниси, дзюдо, ўзбек жанг санъати, кураш, таэквондо, қиличбозлик, 3x3 баскетбол спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этишди. Ташриф буюрувчилар ўзлари учун қизиқарли бўлган спорт турларида имкониятларини синаб кўришди ва улар билан яқиндан танишишди.
Олимпия куни тантаналари байрам концерти билан якунланди. Мусиқа чиқишлари тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, меҳмонлар хотирасида ёрқин таассурот қолдирди.