Тошкентда «Алпомиш ва Барчиной» халқаро камондан отиш турнири ғолиблари аниқланди
Тошкент шаҳрида 100 дан ортиқ спортчи иштирок этган III «Алпомиш ва Барчиной» халқаро камондан отиш турнири ўз ниҳоясига етди. Мусобақада саккизта давлатдан келган спортчилар беллашди.
Кеча, 19 май куни финал баҳслари ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари иштирок этди.
Тақдирлаш маросими чоғида расмийлар спортчиларни муваффақиятли иштироклари билан табриклаб, бундай мусобақалар ушбу спорт турини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди ва спортчиларга халқаро ареналарда янги зафарлар тилашди.
Ўзбекистон камончилари юқори маҳорат намоён этиб, мукофотли ўринларни қўлга киритишди. Турнир якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин ва 1 та кумуш медалга сазовор бўлди.