Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди
Пойтахт ҳокимияти мажлислар залида ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков, Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спорт мактаблари директорлари, спорт федерация ва ассосациялари раҳбарлари, селекционер тренерлар иштирок этдилар.
Туман ҳокимликлари студияларидан туман ёшлар ишлар бўлими раҳбарлари, маҳалла ёшлари етакчилари, маҳалла уюшмаси раҳбарлари, олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими тизим масъуллари, туман тиббиёт бирлашмалари, “Инсон” марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Спорт вазири томонидан “Беш ташаббус олимпидаси”нинг 2026 йилги мавсумига старт берилгани таъкидланиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар Тошкент шаҳридаги ҳар бир туман кесимида тақдимот кўринишида тушунтирилди.
Шунингдек, “Беш ташаббус олимпидаси”нинг ўтган йилги мавсумида Тошкент шаҳри фаол қатнашгани, бунда нафақат спорт мактаблари, балки маҳалладаги ёшлар етакчиларининг ҳам фидойи хизмати борлиги таъкидланди.
Хусусан, "Беш ташаббус олимпидаси" спорт мусобақаларида маҳалла ёшларининг фаол иштирокини таъминлаб, уларнинг юқори натижаларга эришишига ҳисса қўшаётган Мирзо Улуғбек тумани ёшлар етакчиси, тренер-селекционер ва маҳалла фаоллари, ижтимоий ходимлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Йиғилишда “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақаларини самарали ташкил этиш ва аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилишда 2025 йилда ўтказилган “Президент олимпидаси” спорт мусобақаларида Тошкент шаҳар спортчилари эришган натижалар ҳам таҳлил қилинди.
МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов томонидан жорий йилда 21 та спорт тури бўйича ўтказиладиган мусобақалар ҳақида тақдимот ўтказилди. Йиғилишда спорт федерацияларига барча спорт турлари бўйича ёш спортчиларга яратилган шароитлар ва мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш бўйича топшириқ берилди.
Спорт вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган “ERP Sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали ёшларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисоботларнинг шаклланиши ва уларнинг ҳаққонийлиги масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда олий таълим ташкилотлари ўртасида “Янги Ўзбекистон талабалари олимпидаси”ни ўтказиш юзасидан ҳам тақдимот ўтказилиб, ушбу мусобақаларда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари талабалари ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида масъулларга оммавий спорт қамровини кенгайтириш, ёшларни мусобақаларга кенг жалб этиш, электрон рўйхатга олиш тизимида шаффофликни таъминлаш, берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.