Тошкент денгизи байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U23 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди
30-апрел – 3-май кунлари Тошкент денгисида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича U23 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган иқтидорли спортчилар мусобақа давомида ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ҳамда ғалабага бўлган интилишини намоён этдилар. Мазкур чемпионат нафақат мамлакатнинг энг кучли спортчиларини аниқлаб берди, балки Қозоғистонда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган U18 ва U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионати учун муҳим саралаш босқичи вазифасини ҳам ўтади.
Айни кунларда Тошкент денгисида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича қизиқарли ва муросасиз баҳслар давом этмоқда. U14 ва U16 ёш тоифасида 200 нафардан ортиқ спортчи Ўзбекистон чемпионатида қатнашган ҳолда 200, 500 ва 1000 метр масофаларда ўз маҳорати ҳамда чидамлилигини намоён этмоқда. Кўплаб иштирокчилар учун ушбу мусобақа спортдаги муҳим тажриба мактаби ва республика миқёсида ўзини кўрсатиш имкониятига айланмоқда.