locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

The Guardian: Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирида зафар қучиб, Шахмат тожи учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди

Кипрда ўтказилаётган Номзодлар турнири якунига бир тур қолганида, 20 ёшли ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров муддатидан олдин ғалабани нақд қилди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
The Guardian: Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирида зафар қучиб, Шахмат тожи учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди
photo: Chess Uzbekistan

Кипрда ўтказилаётган Номзодлар турнири якунига бир тур қолганида, 20 ёшли ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров муддатидан олдин ғалабани нақд қилди. Энди у шу кузда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат тожи учун курашадиган бўлди.

Сешанба куни бўлиб ўтган 13-турда Синдаров Нидерландиялик Аниш Гирига қарши қора доналарда ҳаракат қилиб, 58-йуришда дурангга эришди. Натижада Жавоҳир ўз очколарини 9,5 тагача етказиб, энг яқин таъқибчисидан 2 очко ўзиб кетди.

"У фарзинларни алмашгандан сўнг [20.Qxa6], ўзимда ҳеч қандай босимни ҳис қилмадим,"
— дейди Синдаров ўйиндан сўнг.

Турнир жадвалидаги математик имкониятларини сақлаб турган Аниш Гири бир кун аввал хитойлик Вэй И билан ўйинда ғалабали вазиятни қўлдан бой бериб, фарқни қисқартириш имкониятидан маҳрум бўлган эди.

Синдаровнинг Пейиа курорт шаҳридаги ғалабаси унинг бутун турнир давомидаги мағлубиятсиз сериясига асосланди: 13 та ўйиндан 6 та ғалаба ва 7 та дуранг. Бундай барқарорлик Номзодлар турнири каби шафқатсиз турнирларда камдан-кам учрайдиган ҳолат. У турнирни чоршанба куни Вэй Ига қарши оқ доналарда ўтказиладиган (турнир тақдирига таъсир қилмайдиган) ўйин билан якунлайди.

Ушбу турнир "эски гвардия" учун ўзини кўрсатишнинг сўнгги имконияти сифатида қаралган эди. Бироқ америкалик Фабиано Каруана ва Хикару Накамура жиддий қаршилик кўрсата олмади. Бу эса дунё шахмат элитасида ёш авлоднинг ҳукмронлиги бошланганини яна бир бор исботлади.

Эслатиб ўтамиз, Гукеш икки йил аввал Сингапурда хитойлик Динг Лиренни тахтдан тушириб, тарихдаги энг ёш жаҳон чемпионига айланган эди. Шу тариқа у 1985-йилда Анатолий Карповни мағлуб этган 22 ёшли Гарри Каспаровнинг рекордини янгилаган эди.

Ўшанда шахмат тожи учун курашларнинг 138 йиллик тарихида илк бор Осиёнинг икки вакили тўқнаш келган бўлса, энди бу кетма-кет иккинчи марта содир бўлади. Ноябрь ойига белгиланган баҳсда ҳар икки шахматчи ҳам 21 ёшга тўлмаган бўлади (Гукеш Синдаровдан деярли олти ойга ёшроқ).

Магнус Карлсен деярли 15 йиллик пешқадамликдан сўнг мотивация йўқлиги сабабли тождан воз кечгач, Динг Лирен Ян Непомняшинийни мағлуб этиб чемпион бўлган эди. Синдаров ва унинг тенгдошлари натижалари Карлсеннинг қайтиши ҳақидаги гап-сўзларни жонлантирса-да, Магнуснинг ўзи қайтиш нияти йўқлигини такрорлаб келмоқда.

"У тарихдаги энг ёш чемпион ва дунёнинг энг кучли ўйинчиларидан бири. Унда жуда кучли маҳорат бор, баҳсимиз жуда қизиқарли ўтади. Уни жамоаси ҳам кучли. Унга омад тилайман."
— дейди Синдаров Гукеш ҳақида.

Бу ғалаба Синдаров учун ажойиб йилнинг мантиқий чўққиси бўлди. У ўтган йили FIDE Жаҳон кубогидаги муваффақиятидан сўнг дунё рейтингда 11-ўринга кўтарилган. Аксинча, Гукешнинг охирги натижалари биоз пасайган: март ойида Прагадги турнирда у 9 ўйиндан фақат биттасида ғалаба қозониб, охирги ўринлардан бирини эгаллаган эди.

"Охирги мусобақалардаги чиқишим нафақат ўзимни, балки мени қўллаб-қувватлаётган барчани хафа қилди,"
— деб ёзди Гукеш ўтган ой Instagram саҳифасида.

Синдаров турнир ғолиби сифатида 700 000 евро маблағдан 70 000 евро ($82,582) ва тўплаган ҳар бир ярим очкоси учун қўшимча 5 000 евро мукофот олади. Шахмат оламидаги энг нуфузли унвон учун курашишини ҳис қиляптими, деган саволга Жавоҳир шундай жавоб берди:

"Агар бу саволни бир йил олдин берганингизда, бунга ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Аммо сўнгги бир йил ичида мен ўз шахматимни ҳақиқатда ривожлантирдим. Маҳоратимдан мамнунман ва янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламан."

14 та ўйиндан иборат бўладиган жаҳон чемпионати баҳси қачон ва қайси шаҳарда ўтказилиши ҳозирча тасдиқланмаган.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг