Тарихда илк бор икки нафар ўзбекистонлик шахматчи FIDE рейтингида кучли бешликка кирди
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) 2026 йилнинг апрель ойи якунига кўра, дунёдаги энг кучли шахматчилар рейтинги янгиланди. Мазкур янгиланиш Ўзбекистон шахмат тарихи учун унутилмас воқеага айланди — илк бор бир вақтнинг ўзида икки нафар ҳамюртимиз дунёнинг ТОП-5 шахматчилари қаторига кирди.
Ўзбекистонлик гроссмейстерлар рейтингда юқори поғоналарни эгаллашди. Хусусан, Нодирбек Абдусатторов 2780 очко тўплаган ҳолда дунёнинг тўртинчи рақамли шахматчиси сифатида қайд этилмоқда. Кипрда бўлиб ўтган даъвогарлар турнирида ғолиб чиққан Жавоҳир Синдоров эса мавқеини бирданига олти поғонага яхшилаб, 2776 очко билан бешинчи ўринга кўтарилди.
Жаҳон рейтингда ҳамон норвегиялик Магнус Карлсен пешқадамлик қилмоқда, унинг ҳисоби 2840 очкони ташкил этади. Кучли учликни АҚШ вакиллари якунлаб беришган: Ҳикару Накамура 2792 очко билан иккинчи, Фабиано Каруана эса 2788 очко билан учинчи поғонадан жой олган.