Сурхондарё вилоятида ҳам “Ёшлар куни” муносабати билан волейбол мусобақалари ташкил этилди
Сурхондарё вилоятининг қатор туманларида “Пайшанба — Ёшлар куни” муносабати билан ёшлар ўртасида спорт ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекистон волейбол федерацияси кўмагида ўтказилган ушбу тадбирлар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга кенг жалб этиш ҳамда волейбол спорт турини янада ривожлантиришга қаратилди.
Жумладан, Жарқўрғон туманида Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 30-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшлар ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилди. Спорт тадбирида ёшлар ўз жамоавий маҳоратини намоён этиб, қизғин баҳсларда фаол иштирок этдилар.
Шеробод туманида ҳам “Ёшлар куни” доирасида навқирон авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди. Шеробод тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Юсупов тумандаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилаётган волейбол мусобақасини кузатди. Спорт майдонидаги муросасиз ва қизғин баҳслар ёшларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Қумқўрғон туманида эса ёшлар иштирокида ижтимоий-маърифий, профилактик ҳамда спорт тадбирлари ўтказилди. Туман Ички ишлар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда ИИБ бошлиғи Муҳиддин Амантураев ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, гиёҳвандликка қарши курашиш ҳамда кибержиноятлардан ҳимояланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, интернет хавфсизлиги ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Қумқўрғон тумани Ички ишлар бўлимида ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилиб, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ёшлар куни” тадбирлари доирасида спорт мусобақалари ҳам юқори савияда ўтказилди. Хусусан, 17–30 ёшли ўғил-қизлар ўртасида волейбол бўйича “Қумқўрғон тумани ИИБ бошлиғи кубоги” учун туман чемпионати бўлиб ўтди. Унда 150 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, 8 та жамоа ўртасида муросасиз баҳслар кечди.
Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган бундай тадбирлар ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда соғлом ва фаол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.