Superbet Chess Classic Romania. Абдусатторов 3-турда мағлуб бўлди
Руминия пойтахти Бухарестда шахмат бўйича нуфузли Superbet Chess Classic Romania турнири давом этмоқда. Ушбу мусобақа Grand Chess Tour 2025 доирасига киради ва унинг жами мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Ғолиб 100 минг доллар соҳибига айланади.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Нодирбек Абдусатторов турнирда фаол иштирок этмоқда. Илк икки турда у америкалик Левон Аронян ва ҳиндистонлик жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши дуранг қайд этган эди. 3-турда эса ҳамюртимиз Рамешбабу Праггнанандҳага қарши қора доналарда ўйнаб, мағлубиятга учради.
Учинчи турдаги беш партиядан учтасида дуранг қайд этилди. АҚШ вакили Фабиано Каруана франциялик Алиреза Фирузжани енгди. Гукеш руминиялик Богдан-Даниэл Дик билан, Уэсли Со (АҚШ) поляк Ян-Криштофф Дуда билан, Левон Аронян эса француз Максим Вашье-Лаграв билан дуранг ўйнади.
Абдусатторов кейинги турлардаги иштирокини давом эттиради.