Спорт вазири ўринбосари Тошкент шаҳар дзюдо федерациясига раҳбар бўлди
Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон дзюдо федерацияси Тошкент шаҳар бўлими Ҳисобот-сайлов конференциясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси бошлиғи Бекзод Убайдуллаев, шунингдек, спорт мактаблари директорлари ва мураббийлар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Азизжон Камилов пойтахт дзюдочиларининг сўнгги мусобақалардаги натижаларини танқидий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри вакиллари терма жамоалар сафида етарли даражада намоён бўлмаяпти. Бекзод Убайдуллаев эса пойтахт дзюдосини янги босқичга олиб чиқиш учун талабчан ва тажрибали раҳбар кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг ташкилий масала кўриб чиқилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан А. Ирчаев ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Авазжон Қудратиллаевич Каримов Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди. Қатнашчилар унинг номзодини бир овоздан маъқуллади.
Авазжон Каримов сўзга чиқиб, пойтахт дзюдосини ривожлантириш учун барча мутахассис ва мураббийлар бирлашиши зарурлигини таъкидлади. У ўз тажрибасини бу соҳада самарали қўллаш ниятида эканини билдирди.